Пусть 2026 год — «Год развития махалли и возвышения общества»

Breadcrumb Background

Новость

САМАРҚАНДДА «БЕШ ТАШАББУС ОЛИМПИАДАСИ»: 104 МИНГ НАФАР ЎҚУВЧИ СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИДА ИШТИРОК ЭТИШГА ҚИЗИҚИШ БИЛДИРДИ

Самарқанд шаҳрида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Беш ташаббус олимпиадаси» спорт мусобақаларининг шаҳар босқичи бўлиб ўтмоқда.

Мусобақалар ёшларни оммавий спортга жалб этиш, уларнинг иқтидорини намоён қилиш ва иқтидорли спортчиларни саралаб олишда муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.

Мусобақаларнинг очилиш маросимида Самарқанд шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Зайниддин Нуриддинов ҳамда шаҳар ҳокими котибияти мудири Бунёд Раҳмонқулов иштирок этиб, ёш спортчиларга омад тилади.

Самарқанд шаҳридаги 85 та умумтаълим мактабида 112 минг нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олади. Қувонарлиси, уларнинг 104 минг нафари, яъни қарийб 95 фоизи «Беш ташаббус олимпиадаси»да иштирок этиш учун махсус платформада рўйхатдан ўтган.

Самарқанд шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Зайниддин Нуриддинов ўз нутқида ушбу кўрсаткич ёшларнинг спортга бўлган қизиқиши юқорилигидан далолат беришини таъкидлади.
 

- «Энг қувонарлиси, ўқувчиларимизнинг қарийб 95 фоизи “Беш ташаббус олимпиадаси”да иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган. Буни ёшларимизнинг спортга бўлган қизиқишидан далолат деб биламан. Барчангизга мусобақаларда фаол иштирок этиб, бир-бирингиз билан дўстлашиб, юқори натижаларни қўлга киритишингизни тилайман»,
Зайниддин Нуриддинов.




Шаҳар ҳокими котибияти мудири Бунёд Раҳмонқулов ҳам мусобақа иштирокчиларига омад тилаб, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, ўз қобилиятини намоён этиши ва соғлом турмуш тарзига амал қилиши муҳимлигини таъкидлади.

Жорий йилнинг 20-27 октябрь кунлари 10 та спорт тури бўйича 8 та ҳудудда мусобақаларнинг ҳудудий босқичлари ўтказилди.

Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ, 28-30 октябрь кунлари Самарқанд шаҳар босқичида ҳудудий саралашда биринчи ўринни эгаллаган иштирокчилар ва жамоалар ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.

Мусобақалар дастуридан қувноқ стартлар, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, мини-футбол, волейбол, воркаут ва кросс-фит каби спорт турлари ўрин олган.

Беллашувлар давомида ўқувчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги ва маҳоратларини намоён этмоқда.

«Беш ташаббус олимпиадаси» нафақат ёшларни оммавий спортга жалб этиш, балки уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва айниқса, қизларни спортга кенг жалб қилишга хизмат қилади.

Мусобақалар давом этмоқда. Барча иштирокчиларга омад ва ғалаба тилаймиз!

​